Министерство Культуры Республики Узбекистан
Бухарский Государственный музей-заповедник
+998 65 224-13-49

Бухоро амирининг Когондаги саройи

Каганский дворец Бухарского эмира

Узоқ йиллар муқаддам қадимий ва навқирон Бухорони ўраб турган Қизилқум саҳролари ҳақиқатдан хам бепоён бўлиб, жайронлар кенг сахро бўйлаб эркин юрган кезлари Бухоро амирлигига қарашли ҳудудлардан илк темир йўли ўтказилди. 1888 йил 26 февралда биринчи поезд Бухоро худудига кириб келди.

Темир йўлнинг кириб келиши, аввало, киборлар тоифаси учун катта хурсандчиликларга сабаб бўлди. Бухоро амири Саййид Баҳодир Абдулаҳадхон 1885-1910 йиллар мобайнида Петербург, Москва ва Қрим шаҳарларига ўз оиласи, амалдорлари билан кўп бор сайр-саёҳат қилди. Амир Ялта, Кисловодск, Пятигорск, Железноводск каби курорт шаҳарлардаги энг баҳаво, маъданли сувларга бой бўлган ерлардан жой олиб, қароргоҳларини тиклай бошлади. Шу жумладан 1894 йилда Амир Абдулаҳадхон ўз ҳудудида ҳам, четдан келадиган меҳмонларни муносиб тарзда кутиб олиш мақсадида қароргоҳ қурдиришга аҳд қилади. Ўз қароргоҳини қурдириш ғояси амир Абдулаҳадхонга 1892 йил яқин кишилари билан Русия шаҳарлари бўйлаб навбатдаги саёҳатга чиққан кезларида тинчлик бермайди. Кавказ, Петербург, Москва, Киев, Ялта, Боғчасарой, Тифлис шаҳарларида бўлиб, у ердаги рус аслзодалари ҳашаматли ҳаёти билан танишган амир барча қулайликларга эга бўлган миллий ва европача услубидаги мухташам бино барпо этишларига фармон беради.

Дастлаб сарой Бухоро шаҳрининг ичкарисида қурилиши кўзда тутилади, аммо Бухоронинг кўзга кўринган диний уламолари бунга қатъий қаршилик кўрсатишади. Сабаби, диний уламолар ғайридинларнинг Бухорога киришларига монеълик қилишади. Шундан сўнг сарой Бухородан 12 км шарқий қисмдаги “Янги Бухоро”, кейинчалик Когон деб атала бошланган шаҳарчада қурилиши тўғрисидаги ягона тўхтамга келишади. Сарой қурилишини Амир Абдулаҳадхон ўз даврининг моҳир меъмори Леонтий Николаевич Бенуага ишониб топширади. Орадан қарийб 2 йил вақт ўтгач Бенуа сарой лойиҳасини ишлаб чиқиб амир Абдулаҳадхонга кўрсатади (1-фото). Лойиҳада меҳмонларни кутиб олиш учун керак бўладиган барча қулайликлар кўзда тутилган эди: мехмонхоналар, тамаддихона, дам олиш хоналари, ётоқхоналар, ваннахона, ҳашаматли кутиш заллари, 2-қаватда ҳордиқ чиқариш учун махсус айвонлар Бенуанинг лойиҳасида ҳар томонлама пухта ўйланган эди. Турган гапки, лойиҳа амирга маъқул бўлади ва сарой қурилиши бошлаб юборилади.

Сарой қурилиши 1895 йилда бошланади ва у Мавритания услубида барокко1, ампир2 ва араб усуллари уйғунлашган ҳолда бухоролик ва руссиялик моҳир усталар иштирокида барпо қилинади. Cарой безакларида асосан ганч ишлатилган бўлиб, ҳар бир хона ўзига хос тарзда, юқори маҳорат билан безатилган. Бино ички ва ташқи қисми бир хил, жуда хам мураккаб жойлашув ва тузилишга эга бўлиб, қурилиш ишларида моҳир муҳандис Дубровин бошчилик қилган. Беҳисоб устунлару, катта гумбазлар ва миноралар саройни янада улуғвор ҳамда маҳобатли қилиб кўрсатади.

Сарой хоналарини ганчдан ишланган Голланд услубида қурилган печлар ёрдамида иситишган. Печлар ягона схемада ишлаган, яъни хона деворлари оралиғи

  1. “Барокко” италянчадан “ғалати”, “ортиқчаликка мойил” (нуқсонли марварид) деган маъноларни англатиб, маркази Италия бўлган XVII-XVIII аср Европа маданияти хусусияти ҳисобланади. Барокко услуби XVI аср охири XVII аср бошларида сўнгги янгиланиш даврида Италиянинг Рим, Мантуя Венеция, Флоренция шаҳарларида пайдо бўлган. Барокко даври “ғарб цивилизациясининг” юқори чўққиси саналган.
  2. Ампир — империя усули — архитектура ва амалий санъатдаги сўнгги юқори классицизм усули. Ушбу усул Францияда император Наполеон I ҳукмронлиги даврида пайдо бўлиб, XIX аср дастлабки уч ўн йиллиги даврида ривожланиб, эклетик оқимлар билан алмашган.

бўйлаб ҳаво бемалол айланиши учун очиқ йўлакчалар системаси ўтказилган бўлиб, печлардан чиқаётган иссиқлик ҳеч қандай тўсиққа учрамай хона деворларидаги мана шу йўлакчалар орқали бутун бинога тарқалиб, хоналарни иссиқлик билан таъминлаган. Худди шу девор орасидаги йўлакчалар орқали ёзги мавсумда бинонинг 3 метр чуқурликка эга ертўла қисми туйнуги очилиб, ертўладаги салқин ҳаво бутун сарой хоналари бўйлаб йўналтирилган. Шундай қилиб Бенуа лойиҳасининг ушбу таҳсинга сазовор қисми ёрдамида сарой хоналари қишда иссиқ ва ёзги мавсумда салқин ҳарорат билан мунтазам равишда таъминланиб турилган.

Саройнинг тўғри бурчакли тарҳида бўйлама ўқ бўйлаб чўзилган йирик залларнинг биридан иккинчисига ўтилади. Тарҳ марказида энг катта зал жойлашган. Амир даврида турли хилдаги катта йиғилишлардан тортиб, базмларгача мазкур залда ўтказилган. Залнинг деворларидаги бўртма шаклдаги безаклари ганчдан моҳирона қилиб ишланган. Еттита Голланд печлари хона ҳуснига ҳусн қўшиб, кўркамлигини янада оширган. Ушбу катта залнинг пол ва шифт қисми алмаштирилган бўлишига қарамай, девордаги бўртма ганчкори безаклари асл холича сақланган. Ҳар бир хона деворларидаги анвойи гулли безаклардан шарқона руҳ барқ уриб турибди (6-фото).

Бинонинг иккинчи қаватига ихчам айланма зинапоя ёрдамида чиқилади, хоналарига эса кунгурадор аркалар билан безатилган очиқ айвончалар орқали ўтилади (7(а,б)-фото). Иккинчи қаватнинг айвон қисмида Қуръон китобидан оятлар араб алифбосида ганчкори безаклар билан гулкори қилиб битилган (8-фото). Худди шундай ёзувларни бинонинг ғарбий томонидаги кириш эшиги устида қурилган айвон устунларида хам, ёғоч ўймакорлиги санъати ёрдамида безаклар бериб ёзилганлигини кўриш мумкин (10- фото). Учинчи қаватдан асосан зарур ҳолатларда хавфсизлик мақсадида фойдаланилган. Саройнинг ғарбий эшигидан жуда ҳам мафтункор миллий услубдаги безаклар билан гулкори қилиб безатилган хонага кирилади. Бу хона амирлик даврида қабулхона вазифасини бажарган бўлиб, мана бир асрдан зиёд вақт ўтганлигига қарамай деворлардаги моҳирона чизилган нақшу нигорлар ҳалигача ўз жилосини йўқотгани йўқ. Киши кўзини қамаштиргудек, худди кечагина чизилгани каби барқ уриб турибди. Хонанинг шарқий деворида Голланд услубида печ қурилган, ғарбий девори сал ёйсимон бўлиб, икки қаватли деразалар (витраж) ўрнатилган (11,12,13,14- фотосуратлар).

Саройга жами учта эшик орқали кирилган бўлиб, учаласи бинонинг уч томонида жойлашган. Моҳир меъмор Бенуа бино лойиҳасини шунақа маҳорат билан ишлаб чиққанки, саройга бир эшикдан кирган киши бутун саройни айланиб, мутлақо бошқа эшик орқали чиқиши мумкин.

Кейинчалик ушбу саройдан Манғитлар сулоласининг сўнгги вакили, Абдулаҳадхоннинг ўғли Амир Сайид Олимхон хам Бухорога келган юқори лавозимли меҳмонлар учун қароргоҳ сифатида фойдаланган.

1920 йилдан сўнг ушбу бинода “Ёш бухороликлар” томонидан биринчи аёллар мактаби ташкил қилинган. 1946 йилда собиқ Темир йўллар вазирлигининг қарорига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-ҳиссадорлик темир йўл компаниясининг Бухоро бўлими ташкил этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган ва 1947 йилдан ушбу бўлим сарой биносида ўз фаолиятини бошлаган. Айни кунларда Бухоро шахридаги Темирйўлчилар саройи сифатида ушбу бинодан фойдаланилмоқда. Темир йўл тарихига оид жуда кўплаб китоблар бинода ташкил этилган кутубхонадан ўрин олган. Кутубхона учун ажратилган хоналарнинг девор ва шифт кисмидаги бўртма ганчкори безаклари жуда яхши холатда сақланган. Ушбу хоналар амир даврида тамаддихона вазифасини бажарган. (15,16,17-фотосуратлар).

Амир Абдулаҳадхон даврида саройнинг шарқий ва жанубий қисми ҳовлисида фавворалар ҳам бўлган, аммо ушбу фавворалар ҳозирги кунгача сақланиб қолинмаган. Мохи-Хосса саройи сингари ушбу сарой ҳам движок ёрдамида электр энергияси билан таъминланган. Сарой ер майдони жами 4 гектардан иборат бўлиб, боғ қисмида катальпа, дуб, ёввойи каштан, акация ва бошқа турли хилдаги манзарали дарахтлар, ташриф буюрган меҳмонларни нафақат ўз замонасида, балки ҳозиргача лол қолдирмоқда.

Адабиётлар:

  1. Назира Шабонова, Музаффар Турсунов. “Олис йўллар, олис йўллар”;
  2. “Бухоро шарқ дурдонаси”;
  3. А.Гафуров. “Из истории основания и развития города Кагана и его роли в русско-бухарских отношениях (1888-1917 г.г)”;
  4. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-ҳиссадорлик компанияси Бухоро бўлими ташкил этилганлигининг 50 йиллигига бағишлаб чиқарилган журнал (1947-1997).
3.5/5 оценка (4 голосов)

Оставить комментарий

Вы комментируете как Гость.

Бухарский Музей-Заповедник

Бухарский Музей-Заповедник

График работы
  • Часы - с 09.00 до 18.00
  • Сезонно - с 08.00 до 21.00
  • Вторник, среда, воскресенье - с 09.00 до 17.00
  • Выходной день - Без выходных
Мы в социальных сетях

(C) 2019 Бухарский Музей-Заповедник
Яндекс.Метрика

Используются Cookie

Этот сайт использует файлы-cookies, чтобы облегчить вам пользование нашим веб-сайтом. Продолжая, вы даете согласие на использование файлов cookies.

Согласен Подробнее