Арк қалъасининг “Археологик кўриқхона” қисми тўғрисида
Арк қалъасининг “Археологик кўриқхона” қисми тўғрисида
Арк қалъасининг ҳудуди шартли равишда икки қисмдан иборат бўлиб, ғарбий қисм – унча катта бўлмаган музей экспозициялари жойлашган ҳудуддан иборат. Бу қисмга кириш дарвозасидан бошлаб, усти ёпиқ йўлак — долон орқали жомеъ масжидига томон кириб борилади. Қалъа ўз даврида шаҳар ичидаги шахарча мақомига эга бўлган. Музейга ташриф буюрувчилар тор йўлаклар бўйлаб, жомеъ масжиди олдидан ўтиб “Чорсу”, тахт зали, қабулхона ҳовлиси, отхона ва бош вазир – қушбеги ҳовлисини айланиб чиқишлари мумкин. Қалъа ташриф буюрувчилар нигоҳида Бухоронинг қадимий археологик ёдгорлиги сифатида қизиқиш уйғотади.
https://bukharamuseums.uz/ru/stati/item/ark-qalasining-arheologik-qismi-togrisida#sigProIdbd31804b28
Қўрғоннинг шимолий, шарқий ва жанубий қисми 1920 йилда большевиклар томонидан Бухорога қилинган ҳужум вақтида катта талофотга учраган. Қалъанинг ёниб култепага айланган қарийб 2.5 гектардан иборат бу қисми айни дамда XVIII-XX аср иншоотларининг қолдиқларидан ташкил топган қўриқхонадан иборат. Ўзбекистон илмий академияси археологлари назарида Арк қалъаси – ноёб илмий лаборатория, яъни қимматбаҳо артефактлар бўлмиш: ҳайвон суяклари, сопол ва шиша буюмларнинг бўлаклари, тақинчоқлар, танга каби яна кўплаб хозирги кундаги шаҳар тараққиётига ҳисса қўша оладиган тарихий топилмалар топилган ҳудуд ҳисобланади.
Қалъанинг шимолий қисмини бир неча қаватдан иборат лой ва ғиштдан ясалган кескин қия кунгурадор панжаралардан иборат девор қолдиқлари ўраб турибди. (мил.ав IV- мил.XVI асрлар).
Қўрғоннинг унча аниқ бўлмаган қурилиш тарихи тўғрисида фикр билдириш анча оғир, шу сабабли ХХ асрда қалъадаги илмий изланишлар жуда катта аҳамият касб этади. “Бухоро арки тўғрисидаги изланишлар” (“Тахкикат-и арк-и Бухара”) рисоласида қайд этилишича 1922 йилларгача қалъанинг шимоли-ғарбий бурчагида девонхона, шаҳарнинг махфий миршаблари бўлмиш тўпчибошининг турар жойи, ҳамда Жомеъ масжидининг орқа қисмида иншоотларни таъмирлаш устахонаси, яъни “кафисхона” бинолари бўлган. Масжиднинг шарқ томонида сарой хизматчилари учун ошхона ундан сўнг эса зарбхона ва заргарлик устахонаси ўрин олган. Устахонадан сўнг қўрилган девонхона айни дамгача сақланиб қолинмаган.
Аркнинг шимолий қисмини эгаллаб олган харбий бошқармага тегишли иш ва турар жойлари, ҳамда Бухоро амирининг қариндошлари истиқомат қилган иншоотлардан айни кунларда фақатгина нураб бораётган пойдеворлар сақланган холос.
Сарой тарихчиси Саййид Мухаммад Носир фикрича амир Мухаммад Рахимхон (1756-1758 йиллар) даврида Шахрисабз бекининг амир Насруллохон томонидан қамалга олинган ҳарами хотирасига бағишлаб, Чилдухтарон масжиди қалъа устида барпо қилинган. Харобага айланган ушбу масжид олдида эса халифа Алининг авлодидан бўлмиш Саййид Абдул Ғози мақбараси қолдиқларини кўриш мумкин. Тадқиқодчиларнинг фикрича Арк қалъасининг шарқий қисмида Жонийлар сулоласи ҳукмдори Абдулфайзхоннинг (1711-1747 йиллар) Бухоро тахти учун кураш чоғида вафот этган 7 та ўғли қабридан иборат унча катта бўлмаган қабристон мавжуд бўлган. Ушбу етти шахзода қабридан иборат қабристон – яъни “Хафт султан”, ҳамда Саййид Абдул Ғози (Баттол — ғози) мақбаралари ўз даврида донғи кетган зиёратгоҳлардан ҳисобланган.
Ўз даврида қалъанинг марказий қисмида, тахт зали билан ёнма-ён, Бухоро хукмдори оиласининг аёлларидан иборат “Ҳарам” (урда) жойлашган. Ҳарам – бу алоҳида, бегоналар нигоҳидан холи, фақатгина ҳукмдорнинг ўзигагина тегишли ҳудуд хисобланган. Ҳарамда кўплаб алоҳида ётоқхоналар, ювиниш хоналари, емакхоналар мавжуд бўлиб, у уймакор гуллар билан безатилган айвонлар, гулзору фавворалар билан безатилган. Ҳарамни амирнинг волидаси бошқарган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Марьям Якубова ўсмирлик чоғида Бухоро амирининг ҳарамида истиқомат қилган, актрисанинг хотирлашича, ўша даврда ҳарамда бош назоратчи Мухаррамаи – ғарч (“ғарч” тахаллуси – ушбу аёлнинг оёқ кийимидан чиққан овоздан келиб чиқиб қўйилган) исмли аёл бўлган. Бош назоратчининг вазифаси қизларни саралаб, уларни турли йўналишдаги ишларга жалб этишдан иборат бўлган. Катта ҳарам “Урдаи Калон”ни амирнинг онаси бошқарган, амирнинг аёллари “Урдаи Зебоча”, “Нав”, “Хоса”, “Накшин” каби ётоқхоналарни эгаллашган. Улар тахт ворисларининг волидалари ҳисобланган. “Ҳаммом”, “Хонақо”, “Пешга” каби номланувчи аёллар ётоқхоналарида юзлаб турли ижтимоий қатламга мансуб қизлар истиқомат қилишган. Қизларга ҳарамда мактаб ташкил этилган бўлиб, уларга одоб ахлоқ қоидалари, муомала маданияти, ашула ва рақс ўргатилиб, таниқли шоирларнинг шеърлари билан таништирилган. Бундан ташқари муқаддас Қуръон китоби тўғрисида сабоқ берилган. Баъзида ҳарамдаги ушбу қизларни саройнинг намунали хизматчиларига ҳукмдор қарорига биноан туҳфа сифатида никоҳлаб берилган.
Ҳукмдор қароргоҳининг шарқий қисмини эртаю-кеч қалъа хавфсизлигини таъминловчи қўриқчилар учун ажратилган сарбозхоналар эгаллаган. Сарбозхоналар билан ёнма-ён тарзда амирнинг Бухоро тахти учун даъвогар оға-инилари Азимхон, Содиқхон, Носирхон, амирнинг жияни Арабхон оиласи билан истиқомат қилишган.
Ушбу маълумот музей сайти учун “Нашриёт ишлари ва ахборот технологияларини тадбиқ қилиш” бўлими ходимлари томонидан тайёрланди.