"Бухоро археологияси қадимги ва ўрта асрларда" кўргазмаси
5 сентября 2019 г.
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк вилоят ўлкашунослик музейи, Тарих илмий бўлими "Бухоро археологияси қадимги ва ўрта асрларда" кўргазмасида намойишга қўйилган нодир экспонатлардан бири Бухорхудотларнинг илк ўрта асрлардаги Варахша саройи деворий сурати ҳисобланади. Унинг "Шарқий зал"и катта қисми бизгача етиб келган.
Шарқий зал (Сариқ грифон).
Ушбу зал 1949-50 йилларда очилган (Варахша – “Варқ”-тўғон, ҳукмдорларининг саройи 11,5 х 17 метр ҳажмда, шарқий 6,6 х 7,25 метр, ғарбий ҳамда 8,5 х 12 метр ўлчамдаги қизил хоналардан иборат бўлган). Шарқий залнинг жанубий деворида 11 метр узунликда ҳукмдорнинг қабул маросими тасвирланган. Яна бир қисмида ҳарбий отлиқлар тасвирланган. Залнинг шимолий деворида эса ҳеч нарса сақланмаган. Суратда жами 5 киши тасвирланган бўлиб, улардан 3 таси сақланиб қолган. Дастлаб ҳукмдорнинг орқасида малика чап қўлида қадаҳ тутган ва ўрта бармоғига узук таққан ҳолатда, шунингдек қулоқ ва бўйин қисмларида ҳам тақинчоқлар тақилган, соч турмаги (сўғд услубида) икки ён томонга ташланган. Унинг олдида ҳукмдор ўнг қўлида олтин қадаҳ, чап қўлида оловнинг ёнишига ёрдамлашувчи таёқча, соч турмаги калталанган, қулоғида ҳалқа, бошида айлана тақинчоқ, белида қилич (дастаси суякдан) ва ханжар, устида яхлит халат, оёғида махси ва оқ шалвар кийган ҳолатда тасвирланган. Ҳукмдор ва аёлининг бош қисми айланага олинган бўлиб, маъмурчилик маъносини билдиради. Марказда оташкада бўлиб, унинг пойдевор қисмида Бухоронинг рамзи бўлган қанотли туя устида ҳукмдор тасвирланган. Ундан ўнгда шахзода елкасида шарф ташлаган, белида эса ханжар тақилган, ўнг қўлини оловдонга кўтарган ҳолатда тасвирланган. Барча тасвирлар алоҳида гиламча устида тасвирланган. Деворий суратнинг кейинги қисмида йирик тахтни кўтариб турган қанотли туянинг бир қисми сақланган.
https://bukharamuseums.uz/ru/meropriyatiya/novosti/item/buxoro-arxeologiyasi-qadimgi-va-orta-asrlarda-korgazmasi#sigProId1a67db1509
Ҳозирги кунда музейга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон ушбу экспонат орқали моддий маданий меросимиздан баҳраманд бўлмоқда!