МАРОСИМХОНА
Маросимхона XVII асрда қурилган бўлиб, амир ўтирадиган «шохнишин» тахти 1669 йилда нуроталик усталар томонидан Ғозғон мармаридан ясалган. Амирни тахтга ўтқазиш маросимида ўзбек манғитлар сулоласи ҳукмдорлари туркий анъанага кўра оқ кигизда кўтарилган. Оқ кигиз, гилам ва кўрпалар муқаддас деб саналган ва Бухоро хазинасида сақланган. Маросим «Маросимхона-Кўринишхона»да ўтказилган, амир эса аждодларидан мерос бўлган махсус зардўзлик кийимларини кийган. Олтин ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган тож унинг салласига тилла занжирлар орқали бириктирилган.
Амирни тахтга ўтқазиш куни қозилар ва амалдорлар маслаҳати билан бахтли ва омадли деб топилган кунга белгиланган. Маросимда қатнашчиларга исириқ, уд ва сандал тутуни тарқатилган. Тахт яқинига муқаддас гилам ва оқ кигиз ёйилган. Амир тайёргарликни якунлагандан сўнг, меҳмонхонадан чиқиб, кигиз устига ўтирган ва уни тўрт томондан ҳурматли амалдор ва руҳонийлар кўтарган. Тахтда 92 та тилла тангалар учун чуқурчалар бўлиб, бу ўзбек уруғлар сонини англатган. Тангалар маросим қатнашчиларига тарқатилган.
Маросимдан сўнг аскар ва мулло намоз ўқиб, халққа эҳсон эълон қилинган. Амир ёзган фармонлар қушбеги томонидан эълон қилинган (масалан, Олимхон солиқни камайтирган ёки зиндондан 70 кишини озод қилган). Маросим фотиҳа билан якунланган, ҳеч қандай зиёфат ўтказилмаган.
Киришдаги «ғуломгард» девори меҳмонларни ҳукмдорга орқа ўгирмасликка мажбур қилган. Бу қоида бузилса, жазо берилган. Кўринишхона содда безатилган, пештоқ оқ, сариқ ва кўк кошинлар билан безатилган, унда Оллоҳ ва Муҳаммад пайғамбар номлари ёзилган. Тахт ёнида танга зарб қилиш учун 6 та суфа бўлиб, улар тилла ва кумуш тангаларни зарб қилишда хизмат қилган. Бу тангалар аввал ёзувсиз бўлиб, кейинчалик зарбхонага олиб борилган. Зарбхона Жомеъ масжиди ёнида жойлашган бўлиб, унда 4 та устахонада 9-10 киши ишлаган.
Кўринишхонада ер ости хазинаси жойлашган бўлиб, 30х30 метр ўлчамдаги бу хоналарда тилла ва тангалар чарм халталарда сақланган. Хазина калити фақат хазиначида бўлган ва бошқа ҳеч кимга берилмаган.