Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги
Бухоро Давлат музей-қўриқхонаси
+998 65 224-13-49

Қайта тикланган музей дурдонаси

Қайта тикланган музей дурдонаси

“Одамзод борки, авлод-аждоди,
Ватаннинг тарихини билишни истайди”

И.А.Каримов

Бой миллий-маданий меросни, ўлкамизда яшаётган халқларининг тарихи ва маданиятини ўрганишда музейларнинг аҳамияти катта. Ушбу ўринда 1922 йилда ноябр ойида ташкил топган Бухоро давлат бадиий –меъморчилик музей-қўриқхонаси алоҳида аҳамият касб этади. Музей-қўриқхонанинг Нумизматика, Бадиий металл, Мис ўймакорлиги, Чинни, сопол ва мармар ҳамда Юмшоқ буюмлар фондлари фаолиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. Музейнинг Юмшоқ буюмлар фондида каштачилик буюмлари музей-қўриқхона захирасининг асосий коллекцияларидан бири ҳисобланади, унда 1000 дан ортиқ экспонат сақланмоқда.

Қўлда тикилган кашталарнинг кўпчилиги XIX асрнинг охири — ХХ асрнинг бошларига таълуқлидир. Илмий тадқиқотларга қараганда, Ўзбекистонда ипакчилик ривожланган бўлиб, унинг деярли ҳамма ҳудудларида ипакдан кашта ипи тайёрланган. Каштачилик ҳунари билан асосан хотин-қизлар шуғулланишган. 8-9 ёшли қизлар ёшлигидан каштачилик сирларини ўрганишган. XIX аср охири — ХХ асрнинг бошларида халқимизнинг бирорта ҳам кашта билан безатилмаган хонадони бўлмаган. Хонадонларнинг деворлари эса безакли кашталар билан безатилган. Уй анжомларидан сўзани, нимсўзани, жойнамоз, ойна халта, тароқ халта; либослардан нимча, кўйлакларнинг ёқа ва этак безаклари, паранжилар, ҳатто оёқ кийимлари ҳам кашта билан безатилган. Бухоро амирлиги ҳудудида бир неча каштачилик мактаблари мавжуд бўлган. Булардан Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ванғози ва Тошработда игна ёрдамида кашта тикадиган. Бигиз ёрдамида эса “босма” услубида Нурато мактаби ва “Ироқи” услубида Шахрисабз кашталари ўзининг ислимий нафис безаклари билан Ўрта Осиёда энг юқори ўринда турган. Шулар жумласидан ҳозирги кунда музейнинг Юмшоқ буюмлар фондида мана шундай безаклар билан безатилган ноёб белбоғ (рўпокча) сақланмоқда. Рўпокча қизил шойи матода оқ, яшил, кўк, сариқ ипак иплар ёрдамида “ислимий” нақшлар билан безатилган. Шу билан бирга насталиқ арабий ҳарфларда форс тилида шеър битилган. Нақшлар “дуруя” услубида (икки тарафлама сидирға нақш) босма чокида бажарилган. Рўпокчанинг четдаги ҳошияси “канда хаёл” техникасида оқ, яшил рангларда, ҳошиянинг ички қисмида кўк рангда тўлқинсимон “мавж” нақши, сариқ рангда “барг” мотивлари орқали бирлаштирилган. Бундан кўриниб турибдики, ушбу кашта безаги Бухоро амирлигининг Нурота ёки Шофиркон каштачилик мактаблари услубига хос бўлиб, кашта эгаси ундаги шеърий машқлар орқали бўлғуси ёрига ёки яқин кишиларига энг яхши тилаклар, орзу-умидлар билдирганлар.

Белбоғ (рўпокча) даги ёзувли безак қуйидагича баён қилинган:

Белбоғ (рўпокча)
Ажаб рўпокчаи бо зебу зийнат,
Илоҳи, соҳибашро кун бадавлат.
Бидеҳ ҳам умр ҳам насли фаровон.
Миёни ҳалқи олам кун ……. ён.
Киё раб, орзу кардам ман инро
Ки ҳар кас бинад созад тамошо,
Ки бо сад орзу ман дўхтам ин.
Ба мақсудаш расони соҳиби ин.

Таржимаси:

Зебу-зийнатли ажойиб (бу) рўпокча (нинг) эгасини
Илоҳо бадавлат қилгайсан.
(Унга) умр ҳамда фаровон насл бер,
(Уни) олам халқи ичра … ён қил,
Эй раббим мен шуни орзу қиламанки,
Бу (рўпокча)ни кўрган ҳар бир киши уни томоша қилсин.
Ки мен уни юз орзу бирла тикдим.
Унинг соҳибини (ўз) мақсадига етиштиргайсан.

(Бухоро давлат университети доценти А. Болтаев таржимаси)

Олиб борилган илмий-тадқиқот ишларида шу нарса аён бўлдики, белбоғ (рўпокча)га битилган битикда хаттот ёки тикувчининг хатоликка йўл қўйганлиги таржимада яққол кўриниб турибди. Ё бўлмаса ўзларининг урф-одати анъанасига кўра атайин битта ҳарфни тикмасдан ташлаб кетган, чунки ҳунармандлар ўртасида шундай ақида бор “фақат оллохгина бекаму кўст яратади”. Нима бўлганда ҳам, аждодларимиздан қолган бизгача етиб келган дурдона санъат асарининг бебеҳолиги шундаки, қўл меҳнати ҳамда унга битилган ёзув ва нақшларнинг маҳорат билан тикилганлигидадир.

Ўзбек халқида шундай мақол бор; “Қари билганни пари билмас”. Шу мақолга амал қилган ҳолда кўпни кўрган, маҳалла-гузарини ишончини қозонган, мехрибон Гулбаҳор ая билан суҳбатда бўлдик.

Нафақат каштачилик ҳунари ундан ташқари зардўзлик, заргарлик, мисгарлик ҳунарларига назар ташласак. Ҳунарларни ўрганиш учун болаларни 10-12 ёшданоқ зардўзи касбига ўргата бошлашган. Ота ўғлини касбни ўрганиши учун устага олиб бориши ўзига яраша тантана бўлган. Бу тантана шундан иборатки,боланинг ота-онаси «бўй» (ис) деган бўғирсоқ ва ҳалвайтар қилиб, устанинг ҳузурига боришган. Бу пишириқлар уста билан бирга тановвул қилиниб, боланинг ота-онаси устага «боланинг гўшти сизники, суяги бизники», қабилида уста ихтиёрига топширишган. Шогирд бир йилгача устанинг уйида ҳар хил уй юмушларига қарашган, сув ташиган, супуриб сидирган, бозор бориб харид қилиб келган. Уста болага ҳунар ўргатишдан ташқари бутун ўқиш давомида уни озиқ-овқат билан таъминлаб ҳам турган. Бир йилдан сўнг унга оддий тикиш сирларини ургата бошлаган. Касб ургатиш текин бўлган, бундан ташқари уста билан ота-она ўртасида ёзма шартнома бўлмаган. Шогирдга маблағ тўланмаган ва ҳунар ўргатиш муддати ҳам чекланмаган. Зардўзлик таълимини ўргатиш муддати 4 йилдан 7 йилгача бўлиб, айрим қобилиятли шогирдни 8-10 йилгача сақлаганлар. Бундай пайтларда шогирд оқсоқолни ўртага солиб, устаси тезроқ рухсат беришни сўратган. Бордию, шогирдининг талаби ўринли бўлса, оқ-соқол устадан шогирдига ё оқ фотиҳа беришини ёки бўлмаса меҳнатига ҳақ тўлаши лозимлигини келишиб олган. Уста ўзиниг малакали ишчисидан айрилишни хохламаган ва шогирдига маош тўлаб турган. Қобилиятли шогирдлар ўртасида норозилик бўлмаслиги учун уста шогирдларига иш олишларига қаршилик қилмаган, лекин уста пулнинг кўп қисмини ўзиги олиб қолган. Уста ўз шогирдини ўқиш муддатти тугаганидан сўнг,уни уйига юбориш ўзига хос маросим ҳисобланган, маросимни «миён бандон» (белини боғлаш) деб аталган, яъни касб-ҳунар арвоҳи пир ҳомийларининг руҳи қўллаб юрсин деган маънони билдирган.

Шогирд ўз уйига уста, бобо, оқсоқол пойкор ва зардўзлик уюшма аъзоларини таклиф қилган. Устага бош оёқ, сарпо тугун: бобо, оқсоқол,пойкорларга ҳам бирор нарса берилган. Шогирдига уста: «Шоҳи Мардон ҳаққига белингга белбоғ боғладим» дея оқ фотиҳа берган. Кейин уста шогирдини мустақил ишлашига рухсат берган. Илк баҳор кунларида, хусусан “Гули сурх” айёмида ҳамма ҳунармандлар Бухоро яқинидаги Қасри Орифон қишлоғига келиб, пирнинг ҳаққига қуй сўйиб, худойи қилганлар ва Нақшбанд бобомизнинг “Дил ба ёру даст бакор”, “Кўнглинг оллоҳда, қўлинг ишу-меҳнатда банд бўлсин” деган эканлар. Бухоро аҳли шу ҳикматли сўзларга амал этиб келишган. Баъзи ривоятларга кўра белбоғ – ҳамён вазифасини ўтаган дейишса, ҳозирги кунда белнинг қуввати вазифасини ўташ мақсадида боғланган суннат тўйи, жома пўшон дея аталадиган урф-одатларимизда белда боғланади деб ҳикоя қилдилар Гулбаҳор ая. Навбатдаги сухбатдошимиз Ғиждувон туманида яшовчи ҳунарманд аёл Мавлуда Нарзуллаева билан “Каштачилик” мавзусида суҳбатда бўлдик. Бу касбни онам Баракаева Мустабширадан ўргандим, онам қайноналаридан Ғиждувон кулолчилик ва каштачилик мактаби вакили Қиличева Шарифадан ўрганганлар дея сўзларини давом этдирдилар. Каштачилик учун асосан 2 хил матодан фойдаланамиз: қўлда тўқиладиган бўз (100% пахта) ва адрасдан (ярим шойи). Тикиладиган иплар ипакдан, 100% табиий бўёқларга бўялиб ишлатилади. Табиий ранглар асосан илдизлардан, сабзавотлар, мевалар ва ўсимликлардан олинади. Масалан: сариқ ранг – пиёз пўсти ва зафарондан, қизил ранг рўяндан, яшил ва кўк ранг қошни бўяйдиган усмадан олинади.

Матоларга нақш чизилиб, кейин тикилади. Ҳар бир асарда, катта ёки кичик ишларда, маълум бир нақшча ёки ҳарфми тикилмай қолдирилади. Бу “Биздан кейинги қизларимиз, невараларимиз давом эттирсин ” деган мақсад бўлади дея фикрларини баён этдилар.

Ўзбек халқ миллий каштачилигининг бетакрор намунаси халқимизга, келажак авлодларга, қолаверса бутун дунёдан келаётган сайёҳларни ҳайратга солиб, музей кўргазма залларида ўтмишдан садо бериб, ўз жамолини оламга намоён қилиб, музей дурдона санъат асарлардан бири бўлиб қолаверади.

“Юмшоқ буюмлар” фондида сақланиб келинаётган ушбу экспонатнинг сақланиш ҳолати кўздан кечирилганда, экспонат таъмирталаб ҳолга келганлиги аниқланди. Бош муҳофиз Ф. Шаропова билан маслаҳатлашган ҳолда, бу экспонатни таъмирлаш бўлимига қайта таъмирлаш учун берилди. Қайта таъмирлаш жараёнида ноёб санъат асарини ишлаш техникаси ўрганилганда, мато қизил рангга бўялганлиги аниқланди. Бундан кўриниб турибдики, аждодларимиз матоларни ранглаганда юқори билим ва техникага эга бўлганлар.

Реставрациянинг жуда мураккаблиги ҳамда буюмнинг нозик дид билан тикилганлиги инобатга олиниб, Россия Давлат Эрмитажи реставрация лабороторияларининг реставраторлари билан фикрлашиб, уларнинг реставрацияга оид чиқарган каталогларидан фойдаланилган ҳолда таъмирлаш ишлари замонавий тажрибалар асосида бошлаб юборилди. “Юмшоқ буюмлар” сақловчиси катта илмий ходим ва биз муаллифлар биргаликда экспонатни яхшилаб кўздан кечирилди ва қуруқ тозалаш усуллари амалга оширилди (пахта, майин шётка). Сўнгра буюмнинг остига сувни ўзига яхши қабул қиладиган мато ёзиб, буюм дистилланган сувда пахта тампонлар ва фен қуритиш асбоби билан тозалаб қуритилди.

Экспонатнинг йўқолган, титилган жойларига ўзига мос мато ҳамда ипак ип билан тикиб чиқилди. Реставрация ишлари якунланиб, музей фондига қайтарилди. Ушбу экспонатни талаб даражасида сақлаш учун фондлардаги ҳароратни ҳамда ҳавонинг нисбий намлиги мунтазам зарурий миқдорда тутиб туриш муҳим саналади. Фондларда турли хил экспонатлар сақланган тақдирда хонанинг ҳаво ҳарорати 18 ± 1° атрофида, нисбий намликнинг энг мақбул миқдори эса 55% ± 5% бўлиши кераклиги фонд ходимлари томонидан доим назорат қилиниб борилади.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. И.А.Каримов. Адолатли жамият сари. Тошкент “Ўзбекистон” нашриёти. 1998. 34-бет.
  2. Н.Содиқова. Ўзбек миллий кийимлари XIX-XX асрлар. Тошкент. 2001. 4-6-8-10-бетлар
  3. Н.Содиқова. Ўзбек миллий кийимлари XIX-XX асрлар. Тошкент. 2006. 7-8-9-10-бетлар
  4. Шофиркон туманида яшовчи Гулбаҳор ая билан сухбат. 16.09.2015 й
  5. Ғиждувон туманида яшовчи Мавлуда Нарзуллаева билан сухбат. 28.09.2016 й
3.0/5 баҳо (2 овоз)

Шарҳ қолдириш

Сиз меҳмон сифатида шарҳлайсиз.

Бухарский Музей-Заповедник

Бухоро давлат музей-қўриқхонаси

Иш вақти
  • Соат - 09.00 дан 18.00 гача
  • Мавсумда - 08.00 дан 21.00 гача
  • Сешанба, чоршанба, якшанба - 09.00 дан 17.00 гача
  • Дам олиш куни - дам олиш кунларисиз
Биз ижтимоий тармоқларда

(C) 2019 Бухарский Музей-Заповедник
Яндекс.Метрика

Cookie фойдаланилмоқда

Сайтимизда фойдаланишни осонлаштирадиган cookie-файллари ишлатилмоқда. Давом этиш орқали сиз cookie-файллардан фойдаланишга розилик билдирасиз.

Розиман Батафсил